Ижтимоий тармоқларда тарқалган Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро М.Саидова 4 нафар фарзанди билан кўчада қолганлиги билан боғлиқ видеолавҳалар Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан ўрганилди.
Ўрганишлар жараёнида тарқалган видеолавҳа бундан 2 ой аввал дастлаб эълон қилингани, унда акс этган фуқаро М.Саидова 1978 йилда Фарғона вилояти, Қўштепа туманида туғилган ва доимий рўйхатдан тургани аниқланган.
М.Саидова Андижон вилоятига турмушга чиққан бўлиб, ҳозирда ўз оиласи билан бирга яшамайди. Андижон вилоятида ушбу оиланинг барча шароитларга эга 20 сотихдан иборат ҳовли жойи мавжуд. М.Сайидованинг турмуш ўртоғи у ва фарзандлари билан бирга яшаш нияти борлигини, улар қайтиб Андижондаги ҳовлида бирга яшашлари мумкинлигини билдирган.
Бундан ташқари, М.Саидова Фарғона вилоятига қайтгач, унга Қўштепа туманидан вақтинча яшаш учун турар-жой таклиф қилинган, бироқ аёл буни рад этган.
Лекин М.Саидова Фарғона шаҳар, Янги аср кўчаси, 190-уй 42-хонадонга ноқонуний тарзда кириб ўрнашиб олган. Ушбу хонадон шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 11 июлда ордер асосида Меҳрибонлик уйида тарбияланиб чиққан, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган фуқаро Тимур Будескога Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш бўйича белгиланган тартибда хусусийлаштириш ҳуқуқисиз, ижара асосида бириктириб берилган.
Фуқаро Будеско 2019 йилга қадар ушбу хонадонда яшаб, Россия Федерациясига ишлаш учун чиқиб кетишидан олдин Уй-жой кодексида белгиланган тартибда чет элга ишга кетган даврида турар жойга бўлган ҳуқуқини сақлаб қолишга гувоҳнома (бронь) олиш учун шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилмаган, ҳеч қандай асоссиз бу хонадонни Фарғона шаҳар, Янги аср кўчаси, 190-уй 64-хонадонда яшовчи фуқаро Ўғилчахон Бахтахуновага топшириб кетган.
Шаҳар ҳокимлигининг хўжалик ҳисобидаги уй-жой бўлими мутахассислари томонидан олиб борилган хатловлар натижасида, фуқаро Ў.Бахтахунова таниши М.Сайидовани ўзаро келишув асосида мазкур хонадонга ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда жойлаштиргани маълум бўлган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан фуқаролар Ў.Бахтахунова ва М.Сайидоваларга давлат уй-жой фондидан фойдаланиш тартиби қўпол равишда бузилганлиги, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган фуқарога ижара асосида берилган ушбу хонадондан бегона шахслар фойдаланиши қонунга зид эканлиги бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
М.Сайидованинг уй-жой шароити ўрганилган, у уй-жойга мухтожлиги юзасидан шаҳар ҳокимлигига шу кунга қадар ариза билан мурожаат этмаган ва уй-жойга муҳтож бўлган оилалар сифатида шаҳар ҳокимлигида ҳисобда турмаслиги аниқланган. Унга давлат уй-жой фондидан турар жой олиш учун белгиланган тартибда яшаш жойидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бериш йўли билан навбат тартибида олиши мумкинлиги тушунтирилган.
Ушбу хонадон бўйича келиб чиққан низоларни қонуний ҳал этиш учун Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритилган ва суд томонидан қарор қабул қилингунга қадар фуқаро М.Сайидованинг манфаатини кўзлаган ҳолда Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан Янги аср кўчаси, 190-уйнинг 42-хонадонига жойлаштирилган ва ҳозирги кунга қадар яшаб келмоқда.






