Ижтимоий тармоқларда Марғилон шаҳар "Хўжа Порсо" жомеъ масжиди бузиб ташланаётганлиги ҳақида хабарлар эълон қилинди. Мазкур эълон қилинган мурожаат юзасидан Маданий мерос агентлиги хизмат текшируви олиб бормоқда.
Маълум бўлишича, 2020 йил 14 августдагида “Хожа Порсо” жомеъ масжидига ташриф буюрувчи намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида масжид ҳудудида қўшимча бино иншоотларини қуриш бўйича таклиф лойиҳаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти қошидаги Илмий-эксперт кенгашига тақдим қилинган.
Марғилон шаҳар "Хўжа Порсо" маҳалласи "Бахтиёрлик" кўчаси 100-уйда жойлашган “Хўжа Порсо” жомеъ масжиди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарорига асосан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилган.
“Хўжа Порсо” жомеъ масжиди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги томонидан расмий намозхона сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Ушбу масала юзасидан бугун 20-октябр куни Фарғона вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Марғилон шаҳридаги “Хўжа порсо” масжидига ташриф буюриб ҳолат билан атрофлича танишди.
Танишиш даврида ушбу тарихий бино 2000 йиллардаёқ авария ҳолатига келиб қолганлиги ва бу хусусда 2019 йил 23-ноябрда Фарғона вилоят ҚШН инспекцияси томонидан бинонинг техник холати бўйича хулосаси олинганлиги маълум бўлди.
Унга кўра, Марғилон шаҳар “Хўжа-Порсо” м.ф.й Бахтиёрлик кўчаси 100-уйда жойлашган “Хўжа-Порсо” масжидининг асосий бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш муддати ўтганлиги, маънавий, жисмоний эскирганлиги ва реконструкция харажатларини ҳисобга олган ҳолда янги лойиҳавий ечим асосида янгидан қуришга тавсия берилган.
Ушбу тавсиядан келиб чиққан ҳолда 2020 йилда Фарғона шаҳар “Кўчмас мулк дизайн лойиҳа” МЧЖ томонидан “Хўжа-Порсо” масжидининг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган.
“Хўжа Порсо” жомеъ масжиди ҳудудига қўшимча бино иншоотлари қуриш ва рекострукция қилиш бўйича тузилган мазкур таклиф-лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги (департаменти) қошидаги Илмий-эксперт кенгашига тақдим қилинган. Маданий мерос агентлиги (департаменти) Илмий-эксперт кенгашининг 2020 йил 23-ноябрдаги 32-сонли баёнини 18-бандида таклиф-лойиҳа маъқулланган.
Мазкур тегишли хулоса олингандан сўнг масжиднинг тарихий қисмидаги меъморий детеллар малакали реставратор томонидан маркирофка қилиниб (рақамланиб) ечиб олинган. Айни кунларда масжиднинг тарихий айвон қисми қайта тиклаш ишлари бошланган. Ўйлаймизки, қайта тиклаш ишлари тез фурсатларда якунига етказилади.
Ҳозирда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан мазкур ҳолат юзасидан олиб борилаётган хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текшириш натижалари тўғрисида қўшимча маълумот берилади.






