АсосийJamiyat

Ўзбек тили Ўзбекистонда қандай қадр топмоқда?

'Ўзбек тили Ўзбекистонда қандай қадр топмоқда?'ning rasmi

   1989 йилнинг 21 октябрь куни “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унга кўра  Ўзбек тилига - Давлат тили мақоми берилган. “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (ЎРҚ-615-сон) 1-моддаси билан 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Шу билан бирга сўнгги йилларда ўзбек тилини давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини ошириш бўйича бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Булар қонунчиликда ва яна бир қанча амалий ишларда ўз аксини топмоқда. Кун муносабати билан уларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтамиз. 

                      РАҲБАР КАДРЛАР ДАВЛАТ ТИЛИНИ БИЛИШИ ШАРТ!

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 4 февралдаги 52-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб, масъул лавозимга тайинланадиган раҳбар кадрларнинг давлат тилини билиш даражасини белгиловчи сертификат олиши талаби жорий этилди.

1 ЯНВАРДАН БАРЧА ТАШКИЛОТЛАР ЛОТИН ЁЗУВИГА АСОСЛАНГАН ЎЗБЕК АЛИФБОСИГА ТЎЛИҚ ЎТАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 10 февралдаги 61-сон қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб, бутун республика миқёсида давлат органлари ва ташкилотларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиши белгиланди. 

     МАЪЛУМОТЛАРНИНГ ДАВЛАТ ТИЛИДА ТАҚДИМ ЭТИЛИШИ ШАРТЛИГИ БЕЛГИЛАНМОҚДА

Шунингдек, яқинда  “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутаталри томонидан кўшриб чиқилди. Ҳужжат билан товар ва хизматлар тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилиши шартлиги белгиланмоқда

                               ОНЛАЙН ЛУҒАТ ЯРАТИЛДИ

Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га киритилган барча сўзлар ўрин олган “ilugʻat” мобил иловаси ҳамда унинг офлайн компьютерларда ишлай оладиган десктоп дастури ишлаб чиқилди. Луғатдан онлайн фойдаланиш ва мобил илова ҳамда компьютер дастурини юклаб олиш учун http://ilugat.uz сайти яратилди.

                           ОТМларда ЯНГИ ФАН ЖОРИЙ ЭТИЛДИ 

Барча олий таълим муассасаларида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб “Ўзбек тилининг соҳада қўлланилиши” фани ўқитиш тизими йўлга қўйилди.

                   ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚНИНГ ИНТЕРФЕЙСИГА ЎЗБЕК ТИЛИ КИРИТИЛДИ

Фойдаланувчилари сони 500 миллион нафарни ташкил этувчи “Likee” ижтимоий тармоғининг интерфейсига ўзбек тили киритилди.

                        YURTDOSHLAR.UZ САЙТИ ИШГА ТУШИРИЛДИ

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг маданий ва тил ўзлигини, уларнинг миллий анъана ва қадриятлар билан узвийлигини сақлаб қолиш мақсадида yurtdoshlar.uz сайти ишга туширилди.

                      “ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ” 

Бундан ташқари ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини янада ошириш, уни миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш ҳамда давлат тилига оид муаммоларни ҳал этишда илмий-амалий ёндашувни ривожлантириш мақсадида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” анъанвий республика танлови жорий этилди. Ҳозирда ушбу танловнинг мавқеи халқаро майдонда алоҳида ўринга эга бўлди. 

Бугун, Ўзбекистонда тил байрами. Тил бу миллат демакдир. Зеро, яқин ўн кунлардан буён ижтимоий тармоқларда ҳам ўзбек тилига бағишланган турли туман видеочиқишлар ва челленжлар тобора авж олди. Давлат раҳбари эътибор қаратган миллий ўзлик ва миллат тили бугун яна ўз мавқеини қайта тикламоқда, шубҳасиз.

    Бошқа янгиликлар