18 октябр куни Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтнинг 12 та қадимий дарвозасини тиклаш ва унинг жойлашган координаталарини тасдиқлаш тўғрисида қарорни имзолади. Ушбу қарор «Э-қарор» порталида эълон қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги «Рақамли ривожланиш департаменти» МЧЖ томонидан Тошкент шаҳрининг 12 та қадимий дарвозаларининг координаталари аниқланган. Бу учун архив хариталари замонавий хариталарга боғланган.
Пойтахт ҳокимининг қарорига мувофиқ, қадимий дарвозаларни тиклаш ва қуриш бўйича Тошкент шаҳар ишчи гуруҳи тузилади. Гуруҳ уч ой муддатда қадимий дарвозаларнинг намунавий лойиҳаларини тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиб, ишлаб чиқиши лозим.
Қадимий дарвозаларни қайта тиклаш ва қуриш бўйича буюртмачи этиб — Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси белгиланган. Бош лойиҳачи ва бош пудрат ташкилотлари тендер ўтказиш йўли билан аниқланади.
Қадимий дарвозаларни қайта тиклаш учун тасдиқланган координаталарга мувофиқ, яқин бўлган ҳудудлардан ер майдонлари чегералари аниқланади ва даврозалар қурилиши учун ажратилади. Бунда ободонлаштириш ва туризм инфратузилмалари яратилишини инобатга олиниши керак. Ишчи гуруҳ ҳудудлардаги бино ва ер ости коммуникацияларни кўчириш зарурияти мавжудлигини ҳисобга олиши лозим.
Ер майдонларини танлашда қадимий дарвозаларни туризм намойиши обектларига киритиш ва туристларни жалб қилиш учун тегишли инфраструктурани жойлаштириш инобатга олиниши керак бўлади.






