Аввал хабар қилганимиздек, бугун Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Ўз сайловолди тарғибот йиғилиши маърузасида у қизиқ бир маълумотни айтиб ўтди, дея хабар бермоқда "Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
Келтирилишича, дунёда бола ҳуқуқлари бўйича дастлабки қонуний меъёрлар, 1804 йили Франция фуқаролик кодексига киритилган. Бироқ Жиззах воҳасида камол топган ҳуқуқшунос аллома Уструшоний 13-асрдаёқ “Бола ҳуқуқлари мажмуаси” деган ноёб асарини яратиб, гўдакнинг она қорнида пайдо бўлган пайтидан бошлаб, вояга етгунига қадар бўлган ҳуқуқларини мукаммал баён этиб берган экан.
Шу хусусда улуғ ҳуқуқшунос аллома Уструшоний бобомизнинг табаррук хотирасини абадийлаштириш мақсадида Жиззах шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига унинг номини бериш таклифи берилди.
Шу билан бирга Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда болалар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида Болалар Омбудсмани институти ташкил қилингани, янги-янги боғча ва мактаблар, маданият, санъат ва спорт муассасаларининг барпо этилаётгани, Меҳрибонлик уйлари тубдан таъмирланаётганини бир бор эслаб ўтди.
“Лекин номини “Меҳрибонлик уйи” деб атаганимиз, ҳар қанча зўр шароит яратганимиз билан, барибир, бу даргоҳлар ота-она, оиланинг ўрнини боса олмайди. Шу мақсадда, оилавий болалар уйларини ташкил этмоқдамиз. Меҳр-оқибатли, бағрикенг юртдошларимиз ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ўз оилаларига фарзандликка қабул қилаётгани ҳаммамизни хурсанд қилади. Бундай саховатпеша инсонлар Жиззах вилоятида ҳам кўплаб топилади. Мана, масалан, Шароф Рашидов туманида яшовчи Дилбар Қаршибоева ўз хонадонида оилавий болалар уйини ташкил қилиб, беш нафар болани фарзандликка олгани, алоҳида таҳсинга сазовордир”, деди у.






