Uzbekistan Airports компанияси хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга ошириладиган мунтазам қатновларга ерусти хизмат кўрсатиш тарифлари ва йиғимларининг янги рўйхатини тасдиқлади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, қуйидаги хизматлар учун ставка ва тўловлар пасайтирилмоқда:
- самолётнинг қўниш ва чиқиш йўлагини таъминлаш;
- йўловчиларнинг авиация хавфсизлигини таъминлаш;
- авиация хавфсизлигини таъминлаш;
- аэровокзалдан фойдаланиш;
- учишда йўловчиларга хизмат кўрсатиш;
- қўнишда йўловчиларга хизмат кўрсатиш;
- CUTE платформасига кириш.
Ўртача тарифларнинг пасайиши 15 фоизга тенг бўлади. Нархлар ва тўловларнинг янгиланган рўйхати 31 октябрдан — IАТА 2021/2022-қиш мавсумининг бошидан бошлаб киритилади.
«Ўзбекистонга хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш учун биз аэропортларимизнинг жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга интиламиз, жумладан, хизмат пакетларини алоҳида вариантларга бўлиш ва уларнинг қийматини камайтириш орқали. Авиакомпаниялар учун тарифларнинг пасайиши амалга оширилаётган рейслар нархини пасайтириш ва йўловчилар учун авиачипталар нархини пасайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш имконини берадиган муҳим қадам бўлди», — дейди Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
Унинг сўзларига кўра, компания воситачиларсиз тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ишлашни йўлга қўяди. «Яъни, аэропорт тўғридан-тўғри авиакомпания билан шартнома тузади ва авиакомпания фақат керакли хизматларни сотиб олади», — дея таъкидлайди у.






