АсосийJamiyat

ЮНEСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган тарихий ҳужжатни қабул қилди

'ЮНEСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган тарихий ҳужжатни қабул қилди'ning rasmi

20 октябрь куни ЮНEСКОнинг икки асосий бошқарув органларидан бири - Ижроия кенгаши ўзининг навбатдаги 212-сессиясини якунлади. Ушбу тадбир Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга бўлди, зеро унинг доирасида Ўзбекистон томонининг ЮНEСКО Ижроия кенгаши томонидан тасдиқланган биринчи ҳужжати ҳисобланган "Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни тарғиб қилиш" қарори лойиҳаси қабул қилинди.  Бу хақда Туризм ва спорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Ҳужжатда жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Sh.M.Mirziyoyev ташаббуси билан Хивада ташкил этилган "Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форуми якунлари бўйича йўлга қўйилган "Хива жараёни" деб номланган янги ҳамкорлик платформасини яратиш таклиф қилинган. У “Хива жараёни”ни йўлга қўйишга доир қарорни олқишлайди ҳамда ЮНEСКО Бош директоридан мазкур ташаббусни мунтазам равишда амалга ошириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни сўрайди, шунингдек аъзо-давлатлар ва шерикларни Марказий Осиё ҳамда унинг ташқарисида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ушбу платформага кўмак беришга чақиради.

Минтақавий хусусиятига қарамай, Ҳужжатни қўллаб-қувватлаш қамрови диққатга сазовордир. Ушбу ташаббус Озарбойжон, Бангладеш, Беларусь, Болгария, Венгрия, Габон, Германия, Конго Демократик Республикаси, Миср, Италия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Кувайт, Мексика, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Саудия Арабистони, Сербия, Тожикистон, Тунис, Туркия ва Эфиопия (жами 23 давлат) томонидан расмий тасдиқлангани бунинг яққол далилидир.

ЮНEСКО Бош директорининг ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича ўринбосари, Хива форумида иштирок этиш учун ЮНEСКО делегациясини бошқарган г.Рамос, шунингдек, ҳужжатнинг бошқа ҳаммуаллифлари Ўзбекистон томонга ушбу ташаббусни илгари сургани учун миннатдорлик билдирди. Бу давлатлар келгуси йилларда “Хива жараёни” доирасида қўйилган энг муҳим вазифаларни бажариш учун бошқа давлатлар қаторида Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик алоқаларни ўрнатишга тайёр эканликлари ҳақида маълум қилишди.

Иштирокчилар Ўзбекистон Президентининг жорий йил сентябрь ойида Хива форумини ташкил этиш бўйича ташаббусидан келиб чиққан ушбу тарихий давр ЮНEСКО мандатини илгари суриш учун глобал ва минтақавий ҳамкорликнинг ривожланишини таъминлашга хизмат қилувчи ноёб платформа яратиш учун мустаҳкам замин яратишини таъкидлашди.

Ўзбекистон томон ушбу ташаббус тарафдорлари кўмагида айнан шу номдаги резолюцияни илгари суришга оид ишларни бошлади. Резолюция ЮНEСКО Бош конференциясининг 41-сессиясида (9-24 ноябрь кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтади) кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши учун киритилади.

    Бошқа янгиликлар