Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90 ва 117 моддалари ва Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларининг, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлар тенглиги кафолатланган.
Шундан келиб чиқиб, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси вакиллари Тошкент шаҳар, Миробод ва Яккасарой туманидаги қатор сайлов участкаларида бўлиб, у ердаги имконияти чекланган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар ҳолатини ўрганишди. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати "Даракчи"га маълум қилди
Ўрганишлар давомида имконияти чекланган шахслар учун ўз сиёсий ҳуқуқларини тўлаконли амалга ошириш учун етарлича шароитлар яратилгани, жумладан уларга алоҳида кабиналар ажратилгани, кириш ва чиқиш жойларида пандуслар жойлаштирилгани, кўриш имконияти чекланганлар учун брайл алифбосидаги бюллетень трафарети билан таъминлангани ва сайлов участкаларига сурдо таржимонлар жалб қилингани аниқланган.