Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиалида “Ветеринария медицинаси ва чорвачиликда замонавий ютуқлар ҳамда инновациялар” мавзусида Республика илмий ва илмий-техник конференцияси бўлиб ўтди.
Унда онлайн шаклда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Шуҳрат Жаббаров, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори Худайназар Юнусов, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти, Ветеринария илмий-тадкиқот институти, филиал раҳбарияти, ветеринария соҳаси мутахассислари ва олимлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда бугунги кунда Ветеринария ва чорвачилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, унинг аҳамияти, истиқболда ушбу соҳанинг илмий-услубий асосларини янада ривожлантириш орқали соҳага инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Анжуман давомида бўлажак мутахассисларга талаб ортиб бораётганлиги, соҳада мавжуд муаммоларни чуқур ўрганиш ва бартараф этиш, мутахассислар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар, педагог кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш илмий марказлари билан биргаликда соҳани яна ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, тадбирда ветеринария ва чорвачилик соҳасида эришилаётган ютуқлар алоҳида эътироф этилди. Мунозаралар давомида муҳим таклиф ва тавсиялар билдирилди.