25 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида прокурор Ниғматилла Йўлдошев иштирокида Матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бош прокурорнинг таъкидлашича, сайлов жараёнлари умумэътироф этилган халқаро қоидаларга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Сайлов кодексига тўлиқ риоя этилган ҳолда кечган.
Шунингдек маълум қилинишича, сайлов иштирокчиларидан қонун бузилиши ҳолати мавжудлигини текшириб кўриш учун жами 12 та хабар ва мурожаатлар келиб тушган.
Уларнинг 5 таси Тошкент шаҳрига, 3 таси Қашқадарё вилоятига, 1 тадани Наманган, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларига тўғри келади.
Ушбу маълумотларнинг 1 тасини Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси тақдим этган, 1 таси бевосита прокуратура Штаби томонидан Интернет тармоғи мониторинги натижасида аниқланган, қолган 10 таси фуқароларнинг прокуратура органларидаги 1007 рақамли ишонч телефонига мурожаатлари ташкил этган.
- Юнусобод туманидаги 519 - сонли сайлов участкасида фуқаро 3 нафар оила аъзолари учун ҳам овоз беришга ҳаракат қилган.
Бу ҳаракат участка сайлов комиссияси раиси томонидан зудлик билан тўхтатилиб, ортиқча бюллетенларни сайлов қутисига ташлашга йўл қўйилмаган ва бу ҳақда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратурага тақдим этилган.
Округ сайлов комиссияси қарори билан фуқарога ортиқча бюллетен берган участка сайлов комиссияси аъзоси Кравцова комиссиядан дарҳол четлатилган, ҳозирда унинг маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда.
- Миробод туманидаги 113 - сонли сайлов участкасида “Газета.уз” сайти мухбири сайлов қутисини кўздан кечириб, тегинганлиги учун участка сайлов комиссияси раиси ўринбосари билан юзага келган зиддиятли ҳолат ҳақидаги видеоёзув Интернет мониторингида аниқланган.
Ўрганиш жараёнида бу иккала томон ўзаро ярашиб, тушунмовчиликни бартараф этган, ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда.
- Фуқаролардан Бош прокуратуранинг 1007 ишонч телефонига келиб тушган қолган 10 та мурожаат асосан, сайловга таклифнома берилмаганлиги, кўчма сайлов қутиси кечикаётганлиги, исми - шарифи бошқа сайлов участкасида қайд этилганлиги каби техник масалаларга доир бўлиб, жойида тўлиқ бартараф этилган.






