"Алимент қарздорлигини ундириш тартиби такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳада алимент тўлови бўйича қарздор жисмоний шахснинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини, шунингдек, лицензияланадиган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини ҳам вақтинча чеклаш назарда тутилмоқда.
Хусусан, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи вақтинча чекланган шахсларнинг бундай воситаларни бошқариши, худди шунингдек, бошқариш ҳуқуқи чекланган шахсларга транспорт воситаларини бошқаришни топширилиши - базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Алимент тўлови бўйича қарздорнинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш қуйидаги ҳолатларда қўлланилмайди:
- Суд қарорини ижро этиш учун етарли мол-мулк олиб қўйилган тақдирда;
- агар шундай чеклаш белгиланиши қарздор тирикчилигининг асосий ва қонуний манбаидан маҳрум қилса;
- агар қарздор биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлса ёки қарздор қарамоғида Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган тартибда биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони ёки ногирон бола деб тан олинган шахсга боғлиқ бўлса;
- агар қарздорга ижро ҳужжати талабларини бажариш учун кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган бўлса;
- агар вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса.






