АсосийJamiyat

Россиядаги мигрантлар билан боғлиқ ҳукуматлараро келишув янгиланиш ва тузатишларни талаб қилади – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

'Россиядаги мигрантлар билан боғлиқ ҳукуматлараро келишув янгиланиш ва тузатишларни талаб қилади – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири'ning rasmi

Москвада Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов Россия Федерацияси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Антон Котяков билан учрашди.  Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентли маълум қилмоқда.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон фуқароларини Россияда меҳнат фаолиятини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш ва жалб этиш соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига меҳнат мигрантларини жалб этишнинг соддалаштирилган тартиби, меҳнат жараёнларини рақамлаштириш ва қонунчиликдаги инновациялар бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама этилган.

 

– 2017 йилда имзоланган ташкилий ишга қабул қилиш бўйича ҳукуматлараро келишув пандемия даврида меҳнат бозоридаги мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда янгиланиш ва тузатишларни талаб қилади. Ишга қабул қилиш тартиб-таомилларини ҳам ходим, ҳам иш берувчи учун имкон қадар содда ва қулай қилиб, ҳар икки томон учун зарур кафолатларни таъминлаш зарур, – деди Н.Хусанов.

Н.Хусановнинг сўзларига кўра, айни пайтда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат бозорида талаб юқори бўлган кадрларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ташкил этишда етакчи роль ўйнамоқда. Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида ишсиз аҳолига хизмат кўрсатиш, касб-ҳунар ва тил ўқитиш, тадбиркорликка ўргатиш, меҳнат миграцияси масалалари бўйича маслаҳатлар беришнинг ўзига хос тизими ҳам яратилган.

Музокаралар натижасида томонлар 2017 йилги ташкилий ишга қабул қилиш тўғрисидаги шартномага ўзгартиришлар киритиш, меҳнат муносабатларини рақамлаштириш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, корхоналарда шикастланишлар даражасини пасайтириш соҳасида меҳнат органлари ходимларини қўшма ўқув дастурлари ва амалиёт ўташ жараёнини режалаштириш, шунингдек, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш бўйича келишувларга эришди.

    Бошқа янгиликлар