Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқ таълими вазирлиги Ички аудит хизмати фаолиятининг 9 ойлик натижалари сарҳисоб қилинди.
Ички аудит хизмати фаолиятида асосий эътибор молиявий хато ва камчиликларни олдини олиш бўйича профилактика чора-тадбирларига қаратилган.
Хусусан, вазирлик Ички аудит хизматининг 9 ойлик фаолияти давомида жами 194,7 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига ва бартараф этилишига эришилган.
Жорий йил таълим муассасаларида харажатлар сметаси ҳамда штатлар жадвалига мувофиқ режалаштирилган маблағлардан 106,1 млрд. сўми мақбуллаштирилган.
Маълум қилинишича ушбу маблағлар умумтаълим мактаблари учун янги авлод дарсликларини Миллий ўқув дастури асосида комплекс тарзда яратиш ва нашр этишга йўналтирилган.
Тизимда ишловчи ходимларга нотўғри белгиланган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг белгиланган меъёрларга мувофиқлаштирилиши натижасида 12 млрд. сўм маблағ иқтисод қилинган.
Умумтаълим муассасаларидаги асосий воситалар ва бошқа жиҳозларни хатловдан ўтказиш натижасида жами 26,3 млрд. сўмлик товар-моддий бойликларнинг ортиқча сақланиш ҳолатлари аниқланиб, ўрганиш давомида белгиланган тартибда бартараф қилинган.
Таълим муассасаларининг харажатлар сметаси тузилиши жараёнида 50,3 млрд. сўмлик қўшимча эҳтиёж мавжуд бўлган йўналишларга профилактика ишлари натижасида бўшаб қолган маблағларни йўналтириш ҳисобидан қопланган.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида таълим муассасаларида 197та ўрганиш тадбирлари ўтказилиши натижасида жами 47 553та ҳолатда 76,5 млрд. сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 6 530 та ҳолатда 16 млрд. сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган.
Маълумот учун: 2020 йилнинг (143,2 млрд. сўм) мос даврининг ҳисобот кўрсаткичларига нисбатан 2 бараварга камайган.
Таркибида жиноят аломатлари бўлган 158та 61,4 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.






