АсосийJamiyat

Очиғи, ўшанда роса алам қилганди — Бухоролик тадбиркор 28 йил олдинги бизнесини эслади

'Очиғи, ўшанда роса алам қилганди — Бухоролик тадбиркор 28 йил олдинги бизнесини эслади'ning rasmi

Бугун, 27 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида видеоселектор ўтказилди. Йиғилиш давомида Бухоро вилоятидаги «Mergan Teks» МЧЖ раҳбари Иброҳим Ҳамроев сўзга чиқди ва ўз тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ вазиятни эслади.

— Бундан 28 йил олдин Ўзбекистоннинг энг олис қишлоқларидан бирида корхона очдим. У ерда «половая тряпка» деган маҳсулот ишлаб чиқардим. Тўғрисини айтсам, маҳсулотим жуда сифатсиз эди, қоп-қора эди ва бироз ҳиди ҳам бор эди. Шу маҳсулотимни хориж давлатларидан бирига экспорт қилмоқчи бўлдим.

Намунани олиб, чет элга чиқдим, аммо ҳеч кимга ўтказа олмадим. «Бу маҳсулотинг бироз қўланса хид чиқараркан, нарироққа ол», дейишди. Очиғи, ўшанда роса алам қилганди, хўрлигим келганди.

Тақдир экан, орадан 28 йил ўтиб яна ўша давлатга бордим. Бу сафар битта жомадон эмас, тўрттасида намуна олиб бордим — шим, кўйлак ва бошқа маҳсулотлар. Бу мен учун шу қадар катта фахр ва ифтихор эдики, тасвирлаб бера олмайман.

Ҳурматли Президент, сиз бундан беш йил олдин «Энди пахтани четга шундай сотиб юбормаймиз, балки ўзимиз қайта ишлаб, тайёр маҳсулот қилиб сотамиз», деган эдингиз. Тўғрисини айтсам, ўшанда кўпчилик, шу қатори мен ҳам бунга ишонмаган эдим. Орадан кўп ўтмай пахта тозалаш корхоналарини хусусий тадбиркорларга бердингиз, бу биз учун тасаввур қилиб бўлмайдиган нарса эди, — деди Иброҳим Ҳамроев.

Тадбиркор шунингдек ўз чиқиши давомида пахта етиштиришга бўлган қарашларда ҳамон муаммолар борлиги, кластерлар ва фермерлар сувни тежовчи технологияларни қўллашда сусткашликка йўл қўяётганини ҳам таъкидлаб ўтди.

— Албатта хозир ҳамма кластерлар ҳам етарлича ишлай олмаяпти. Томчилаб суғориш технологияларини жорий этишда оқсаяпмиз. Биз шу муаммони ҳал этиш учун ҳаракат қиляпмиз, фермерга электр токи етказиб бериш бўладими, ёки бошқа ёрдам керакми, ҳаммасини бажаряпмиз.

Ўтган давр мобайнида бир нарсага амин бўлдим, бизнинг ерларимиздан 70 центнер ҳосил олса бўларкан. Қизиқ томони, анъанавий тарзда пахта экиб, гектаридан 30 центнер оласизми ёки сувни тежовчи янги технологияни қўллаб, 70 центнер ҳосил оласизми, ҳаражати тенг бўларкан. Мен дафтаримга ёзиб қўйганман — ҳар икки ҳолатда ҳам нефт, кимёвий ўғит ва бошқа ҳаражатлар тенг сарфланаркан.

Бир сўз билан айтганда, ҳаражат тенг бўларкан, аммо ҳосилдорлик 2-2,5 баравар кўп бўларкан, — деди Иброҳим Ҳамроев.

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш давомида қишлоқ хўжалигида янги технологиялардан фойдаланиш зарурияти ҳақида гапирди.

— Бухоронинг ерида деҳқончилик қилиш осон иш эмас. Бу ерда уч марталаб шўр ювиш керак. Шундай экан, ривожланишни истайдиган бўлсак, замон билан тенг юришимиз ва технологиялардан албатта фойдаланишимиз шарт. Бу ишларни бажара олмаганлар ортда қолиб кетаверади, — деди давлат раҳбари.

    Бошқа янгиликлар