АсосийJamiyat

Ўзбекистон бўйлаб “Миллий сувенирлар” фестивали ўтказилмоқда

'Ўзбекистон бўйлаб “Миллий сувенирлар” фестивали ўтказилмоқда'ning rasmi

Бугун, 28 октябрь куни Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ташаббуси билан биринчи марта республиканинг барча ҳудудларида “миллий сувенирлар” фестивали ташкил этилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини яна-да ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ўтказилди.

Фестивал ички ва ташқи туризмни жадал ривожлантириш, юртимиз фуқаролари ва хорижлик сайёҳлар ўртасида мамлакатимизнинг маданий-тарихий меросини кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатида имижини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир ташкилотчилари таъкидлашича, фестивал иштирокчилари томонидан яратилган миллий сувенирлар савдосини йўлга қўйиш орқали республикамиз музейлари ва маданий мерос обектларига ташриф буюрувчиларни жалб этиш ҳамда шу орқали ушбу обектларнинг фаолиятини кенг тарғиб қилиш ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, ҳунармандлар бандлигини таъминлашга ҳамда уларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Шунингдек, фестивал доирасида ҳунармандларнинг кўргазма-савдоси, кўрик-танловлар, маҳорат дарслари ўтказилди ҳамда фолклор-этнографик гуруҳлари ва бадиий жамоаларининг чиқишлари ташкил этилди.

Бутун республика миқёсида ўтказилаётган тадбирлар қуйидаги маданий мерос обектларида ўтказилмоқда:

-Тошкент шаҳрида Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи;

-Қорақалпоғистон Республикаси Тарихи ва маданияти музейи;

-Андижон вилояти тарихи ва маданияти музейи;

-Бухоро вилояти “Бухоро” давлат музей-қўриқхонаси;

-Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи;

-Тошкент вилояти Ангрен шаҳар тарихи музейи;

-Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи;

-Хоразм вилояти “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонаси.

-Қашқадарё вилояти “Шаҳрисабз” давлат музей-қўриқхонаси;

-Самарқанд вилояти “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси;

-Сурхондарё вилояти “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси;

-Навоий вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи;

-Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи;

-Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат давлат музейларида бўлиб ўтади.

Фестивалнинг расмий очилиш ва ёпилиш маросими Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Тадбир доирасида  “Энг яхши сувенир” номинацияси бўйича ҳар бир ҳудуд учун алоҳида 1чи, 2чи ва 3чи совринли ўринлар белгиланди ва ғолибларни тадбир сўнгида муносиб тақдирлаш белгиланган.

    Бошқа янгиликлар