Кеча, 27 октябрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 22-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Дунё АА маълум қилди.
Йиғилиш Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ҳамраислигида ўтказилди.
Тадбирда шунингдек, иккала мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Кун тартиби доирасида иккала мамлакатнинг ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорлиги каби кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.
Ҳар икки Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юқори даражага етиб, ривожланишнинг юқори ва барқарор динамикаси билан ажралиб тураётгани таъкидланди. Бу, ўз навбатида, устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш учун шарт-шароитларни яратади.
«Бизнинг муштарак мақсадимиз 2030 йилга бориб мамлакатларимизга темир йўл орқали 1 млн тонна маҳсулот етказиб беришдир», - деди Максим Решетников.
Йиғилиш давомида икки мамлакат вазирликлари ва идораларининг раҳбарлари тақдимотлар ўтказиб, тармоқлар ва йўналишлар кесимида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича истиқболли режелари билан бўлишди. Билдирилган таклифлар атрофлича кўриб чиқилиб, инвестициялар, савдо, саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт ва транзит, маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳамда сайёҳлик соҳасида илгари сурилган ташаббусларни амалда жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилиш механизми белгилаб олинди.
Учрашув якунида тадбир давомида эришилган асосий келишувларни акс эттирувчи якуний Баённома имзоланди.






