Сал аввал ижтимоий тармоқларда Тошкент автовокзали хавфсизлик хизмати ходими томонидан фуқарога нисбатан куч ишлатилганлиги тўғрисидаги видео лавҳа тарқалаётгани ҳақида хабар қилинган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати “Ўзавтовокзал сервис” ДУКнинг расмий изоҳини эълон қилди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат жорий йиннинг 24 октябрь куни содир бўлган. Ижтимоий тармоқда эълон қилинган ҳолатни тасвирга олган “жабрланувчи” фуқаро Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи М.А автовокзал қўриқлаш хизмати ходими ўзига нисбатан куч ишлатилиши билан боғлиқ ҳолат рўй беришдан аввал Тошкент автовокзалининг кутиш залига кириб, бу ерда ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган аёл ходимларни уятли сўзлар билан сўкиб, ҳақоратлаб жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатларни содир этган.
Ўз навбатида автовокзал қўриқлаш хизмати ходими Н.А воқеа жойига етиб келиб, жамоат тратибини бузаётган фуқаро М.А га нисбатан қонуний чора кўришни таъминлаш мақсадида уни ушбу ҳудуда жойлашган милиция таянч пунктига олиб бормоқчи бўлган вақтида ўз хизмат ваколатидан четга чиқиш билан боғлиқ ҳаракатларни содир этган.
“Ўзавтовокзал сервис” ДУК ушбу воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ҳолат юзасидан ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб борди.
Ўрганиш натижаларига кўра фуқаро М.А Тошкент автовокзали ҳудудида жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатларни спиртли ичимлик таъсири остида содир этгани маълум бўлди. Шунингдек, автовокзал қўриқлаш хизмати ходими Н.А ўз хизмат ваколатидан четга чиқиш билан боғлиқ ҳаракатларни содир этганлиги ойдинлашди.
Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро М.А ва автовокзал ходими Н.А га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 – моддаси “майда безорилик” бўйича маъмурий иш очилган.
Келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида Тошкент автовокзали барча ходимлар қатъий огохлантирилиб, йўловчиларга хушмуомалада бўлишлари, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.






