Аввалроқ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси Камилова Муштарийнинг декан ўринбосари томонидан зўрлашга ҳаракат қилиниб, деразадан итариб юборилгани ҳақида хабар берилган эди.
Ижтимоий тармоқларда мазкур факультетда ҳодиса сабаб талабалар онлайн таълимга ўтказилгани, ҳозирда ўқув биноси ёпилгани айтилмоқда.
"darakchi.uz" қиз таълим олаётган, воқеа содир бўлган Профессионал таълим факультетида бўлди. Бинога кириб борар эканмиз, барча аудиторияларда дарс жараёнлари бўлаётганига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, фукультет маъмурияти ҳам ўз иш ўрнида. Биз уларни ҳам тингладик.
Ҳаёт Қодиров, Профессионал таълим факультети декани:
— Муштарий рус гуруҳида таълим олади, гуруҳда умумий 5 нафар талаба бор. Ўша кунги нохуш ҳодисадан сўнг, фақат шу гуруҳ талабаларига 2 кунга рухсат берилди. Лекин факультетда ўқишлар тўлиқ анъанавий тарзда олиб борилмоқда.
Мен ушбу даргоҳда 1 йилдан буён раҳбар бўлиб ишлаётган бўлсам, шу давр ичида талаба қиз ҳақида ҳам, декан ўринбосари ҳақида ҳам бирор ёмон маълумот ёки ҳолатга гувоҳ бўлмаганман.
Ушбу воқеа ҳақида эса ўша куннинг ўзида талабанинг онасидан эшитибоқ шифохонага етиб боргандим. Ҳолат ўша вақтдаёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан назоратга олинган. Дастлабки тергов натижалари эълон қилинмасдан аввал, биз бу воқеа бўйича бирор бир хулоса бера олмаймиз,- дея изоҳ берди декан.






