Туркия Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва сиёсати институтининг Ўзбекистондаги филиали ташкил этилади Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинова иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Унда, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти биолабораториясида “Калифорния қалқондори”нинг паразит энтомофаги ва “Маккажўхори парвонаси”нинг паразит энтомофаги маҳаллийлаштирилди ҳамда кўпайтириш технологияси ишлаб чиқилди. Натижада зарарли организмга биологик усулда қарши кураш имкони пайдо бўлди.
Бугунги кунда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизими йўлга қўйилган бўлиб, 30 мингдан ортиқ фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари қамраб олинган. Ушбу ахборот тизими экспортга кўмаклашувчи “Assalam agro” электрон платформаси билан интеграция қилинди.
Шунингдек, Туркия тажрибаси асосида “e-Fitouz” тизими орқали минерал ўғит ва пестицидларни қўллаш занжирининг барча босқичларининг тўлиқ назоратини таъминлаш учун QR-код электрон бошқарув дастури ҳамда “Фермер паспорти” электрон маълумот базаси ишлаб чиқилмоқда.
БМТ Тараққиёт Дастури доирасида Фарғона водийсида 24 та ”Агрометеостанция” ва 12 та “Ақлли феромони тутқич” ўрнатилиб, “Фитоконсалтинг маркази” фаолияти пилот лойиҳа сифатида йўлга қўйилди. Республика агрокимёвий таҳлил маркази ташкил этилди ва унинг ҳудудлардаги филиаллари бино-иншоотлар билан таъминланди ҳамда 9 та ҳудудда лаборатория асбоб-ускуналари ўрнатилди.






