Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг вице-президенти билан учрашув ўтказди.
Учрашувда меҳнат миграцияси жараёнларини босқичма-босқич тиклаш масаласи кўтарилди, дея хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ахборот хизмати.
Даставвал Ўзбекистон Республикасида коронавирус билан кунлик зарарланиш ҳолатлари камайганлиги ҳамда юртимиздаги мавжуд вакцина турлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Вице-президентнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон Республикасидан меҳнат мигрантлари кириб келишини қисман тиклаш режалаштирилмоқда. Бунда, биринчи навбатда тўлиқ эмлашдан ўтган 4 йилу 10 ой Корея Республикасида бир корхонада ишлаб қайтган фуқароларни киритиш кўзда тутилганлиги маълум қилинди.
Ўз навбатида, меҳнат мигрантларининг Корея Республикасига мунтазам кириб келишини таъминлашда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳим ўрин эгаллаши таъкидланди.
Шунингдек, учрашувда танловлар базасида муддат қўшиб берилган фуқароларга иккинчи бор муддат қўшиб бериш бўйича ҳам музокаралар олиб борилди ва мазкур масала Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан яқин кунларда кўриб чиқилиши қайд этилди.






