1

Чилонзор туманида 8000 донадан зиёд психотроп дориларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

ЖИНОЯТ 02.11.2021, 13:00
Чилонзор туманида 8000 донадан зиёд психотроп дориларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Психотроп дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши божхона органлари томонидан тизимли тарзда кураш олиб борилмоқда.

Хусусан, Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда Чилонзор туманида ўтказилган тадбир давомида “Ласетти” автомашинаси тезкор кузатувга олинди.

Кузатув давомида фуқаро М.М. ушбу автомашинага ўтириб, унинг ичидаги ҳайдовчи Т.У.га ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 158 дона “Тропикамид” ва 7504 дона “Регапен прегабалин” номли дори воситаларини 45 млн. сўмга қонунга хилоф равишда сотаётган вақтида қўлга олинди. Шундан сўнг, ҳайдовчининг ўзи ва автоулови кўздан кечирилганида, унинг ёнидан 1 дона “снуп” ёзувли рангсиз суюқлик, автомашина салонида эса 1 дона рангсиз суюқлик борлиги аниқланди.

Тадбир давом эттирилиб, фуқаро Т.У.нинг Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган хонадони ҳам кўздан кечирилганида, унинг меҳмонхона ва ётоқхонасида картон қутилар ва пакетларга солинган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 1492 дона “Тропикамид”, 778 дона “Регапен прегабалин”, 5617 дона “Селофен залеплон” номли дори воситалари борлиги аниқланди.

Ўтказилган мазкур тезкор тадбирлар якунида умумий қиймати 619 млн 850 минг сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда  мазкур жиноятга алоқадор 94 млн 50 минг сўм пуллар ашёвий далил сифатида олинди.

Юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1