Ўзбекистонлик қизлар халқаро таълим дастури доирасида нано сунъий йўлдошни йиғиб, стратостферага учиради.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги маълум қилди.
Унга асосан, жорий йилнинг 2 ноябрь куни UNICEF, Tech4Impact ННТ ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM - Science, Technology, Engineering and Mathematics) соҳаларига қизиқувчи қизлар учун UniSat халқаро таълим дастури расман ишга туширилган.
Қизларнинг космик тадқиқотларга қизиқишини оширишга қаратилган ушбу дастур ЮНИCЕФнинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги ваколатхоналари томонидан қўллаб-қувватланади.
"Инновацион ривожланиш вазирлиги UniSat дастурини қўллаб-қувватлашдан мамнун. Ўзбекистон қизлари илм-фан, муҳандислик ва илғор технологиялар соҳасида ривожланиш учун катта салоҳиятга эга ва биз қизларни нано сунъий йўлдошни учиришда ўз кучларини синаб кўришга таклиф қиламиз, - дейди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова.
Қайд этилишича, вазирликда нано сунъий йўлдошларни лойиҳалаш ва йиғиш учун барча шарт-шароитга эга лаборатория мавжуд бўлиб, вазирлик эшиклари ёшлар учун доим очиқ.
Маълумот учун, дастур давомида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан танловдан ўтган 15-24 ёшли қизлар дастурлаш ва муҳандислик бўйича билимларини ошириш, шунингдек, жамоада ишлаш ва лойиҳаларни бошқариш кўникмаларини яхшилаш имкониятларига эга бўладилар.






