Навоий вилояти Кармана туманида хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун Россия Федерациясининг “Специализированный застройщик Дом-59” компанияси томонидан қурилиш соҳасининг турли йўналишларида мавжуд бўш иш ўринлари учун танлов ўтказилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига жалб қилиш бўйича пилот лойиҳа доирасида ташкил этилган танловда номзодлар касбий малака ва тил билиш даражасига кўра суҳбат асосида иш берувчи вакиллари томонидан танлаб олинди.
Танловдан ўтган фуқароларга Россия Федерациясида ишлаш ҳуқуқини берувчи патент Ўзбекистонда расмийлаштирилади ҳамда тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, патент расмийлаштириш, транспорт, яшаш харажатлари иш берувчилар томонидан қопланиши кўзда тутилган.
Бугунги танловдан ўтган 98 нафар фуқаро ташкилий тарзда қурилиш объектларига юборилади.






