Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар III Республика савдо ярмаркаси ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги "Darakchi.uz" га хабар берди.
Шанба, 6 ноябрь куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “ECOBOZOR” савдо мажмуасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг савдо ярмаркаси ўтказилди.
Учинчи марта ўтказилаётган ушбу ярмарка “Биз биргамиз!” шиори остида Адлия вазирлиги ҳамда Ногиронлар жамияти томонидан ташкил этилди.
“Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳасининг асосий мақсади – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, уларни жамиятимизнинг ажралмас қисми сифатида руҳлантириш ҳамда касбий салоҳиятини рўёбга чиқаришдан иборатдир.
Ярмаркада бутун республикадан 100 га яқин ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари тайёрлаган маҳсулотлари билан иштирок этдилар.
Улар томонидан каштачилик, дурадгорлик, зардўзлик, тикувчилик, қандолатчилик каби халқ ҳунармандчилиги йўналишларида асосан қўл меҳнати билан тайёрланган маҳсулотлар омма эътиборига тақдим этилди. Ярмарка давомида жами 500 миллион сўмлик маҳсулотлар харидорлар томонидан сотиб олинди.
Тадбир доирасида Адлия вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги, Интелектуал мулк агентлиги, ФҲДЁ органлари, нотариуслар, адвокатлар ва “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ходимлари томонидан аҳолига сайёр тарзда бепул ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди ва маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, уларга муносиб шарт-шароит яратишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ногиронлар жамиятининг “Тадбиркор аёл” уюшмаси, “Ҳунармандлар” уюшмаси, “Ватанпарвар” ташкилоти, “Психологлар ассоциацияси” билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Тадбир давомида иштирокчилар, ҳомий ва ҳамкор ташкилотлар Адлия вазирлиги раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари, махсус сертификатлар билан тақдирландилар.
Ярмарка якунида иштирокчилар ва ярмаркага келган аҳоли учун таниқли санъаткорлар иштирокида мусиқали кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.
Ижтимоий лойиҳа хайрия-соғломлаштириш тадбирларига уланиб кетди. Ярмарка якунлангач, республикамизнинг турли ҳудудларидан келган иштирокчилар Адлия вазирлиги томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган дам олиш масканига таклиф этилдилар.
Тоғ ёнбағрида жойлашган сўлим масканда меҳмонлар учун байрам дастурхони ташкил этилиб, кўнгилочар ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди. Улар учун бепул тиббий кўрик, психологлар томонидан эса қизиқарли тренинглар ташкиллаштирилди.
“Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳасини янада оммалаштириш ва анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб бориш режалаштирилган.