АсосийJamiyat

Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патент учун тиббий кўрик Ўзбекистонда амалга оширилади

'Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патент учун тиббий кўрик Ўзбекистонда амалга оширилади'ning rasmi

Бу ҳақда АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилаётган матбуот анжуманида маълум қилинди:

Жорий йилнинг сентябрь ойида Россия Федерацияси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири ўринбосари Андрей Пудов бошчилигида Қурилиш ва уй-жой хўжалиги, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Роструд, Москва ҳукумати ҳамда «Роскапстрой», «Нострой», «Наймикс», «Алмас-интеграл», «ПИК Индустрия», «Ренейссанс Хеви Индастрис», «Яндекс» каби йирик иш берувчи корхоналар вакилларидан иборат делагация Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ташриф доирасида меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган музокаралар ўтказилиб, қурилиш соҳасида ишлаш истагида бўлган ўн минг нафар фуқарони яқин вақт давомида соддалаштирилган тартиб асосида Ўзбекистондан Россияга ишга жалб қилиш бўйича келишилувга эришилган эди.

 Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясига юбориш бўйича пилот лойиҳаси бошланди.

 Ушбу лойиҳа доирасида номзодларни ишга жалб қилиш билан боғлиқ, жумладан, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатлари иш берувчилар томонидан қопланади.

Шу муносабат билан ўн минг нафар фуқарони Россия Федерациясига ташкилий тарзда ишга жўнатиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида тиббий асбоб-ускуналар билан Россиянинг 40 нафар тиббиёт ходими Ўзбекистонга етиб келди.

 Эндиликда Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олишда талаб этиладиган тиббий кўрик Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тошкентда ўрнатилган тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида юртимизда амалга оширилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирлар Россияда ишлаш истагида бўлган кўплаб юртдошларимиз учун қўшимча имкониятлар яратиб, фуқароларнинг вақти ва харажатлари қисқаришига хизмат қилади.

    Бошқа янгиликлар