"Даракчи" таҳририятига Қашқадарё вилояти Муборак тумани “Қарлиқ” МФЙда яшовчи фуқаролар томонидан маҳалладаги “Бодомзор” ва “Буюк ипак йўли” кўчаларининг носозлиги, бошқа кўчаларда амалга оширилган таъмирлаш ишларининг шу кўчага келганда тўхтаб қолгани юзасидан мурожаат келиб тушгач, масалага ойдинлик киритиш мақсадида айнан шу ҳудудда бўлдик.
— 25 йилдан буён шу маҳаллада яшайман, - дейди маҳалла фуқароси Жумагул Элмуродова. – Шунча пайтдан буён кўчаларимизда деярли бир иш қилинмади. Одамлар ҳашар йўли билан қум-шағал тўкишарди. Аммо ёғинли кунлар ортидан яна эски ҳолига қайтарди. Янаям ўтган йилларда кўчаларга эътибор берилди. Аммо болаларимиз мактабга, боғчага, аҳоли эса бозор-ўчар, шифохонага боришда фойдаланиб келаётган асосий “Бодомзор” кўчасидаги ишлар бир бошланиб, охирига етмай тўхтаб қолди. Одамлар ўзи билганича кўчани тўсиб қўйган, ёзда чанг-тўзон, қишда лой. Ўқувчиларни ота-оналар кўтариб мактаб боғчага олиб бориб қўймаса, ярим йўлдан лойга беланиб қайтиб келади. Бизни ҳам текис ва асфальт йўлларда юргимиз келади.
Фуқаро билан суҳбатлашиб йўлимизда давом этдик. Таъкидлаш керакки, маҳалладаги аксарият кўчалар қум-шағал, асфальт билан қопланган. Кичик кўчаларни айтмаганда, техника ҳаракатланиши учун кўзга ташланадиган муаммо йўқ. Мурожаатда таъкидланган “Бодомзор” кўчаси эса чиндан ҳам таъмирга муҳтож экан. Қолаверса, кўча бўйлаб, одамларнинг турли кўринишдаги иморатлари кўчани тартибга келтиришга тўсқинлик қилиб турганини кўриш мумкин.
“Бодомзор” кўчасидан ўтиб, “Буюк ипак йўли” кўчаси томон ҳаракатландик. Узунлиги қарийб 700 метрни ташкил этадиган кўчада бирор марта таъмирлаш ишлари олиб борилмаганини ҳолатнинг ўзи кўрсатиб турибди.
— Бу кўча аввал жуда тор ва нотекис эди, - дейди шу кўчада яшовчи Жамшид Абдивоитов. - аҳоли пул йиғиб, қум тўкиб кўчани бироз кўтардик. Лекин қишги ёғингарчиликлардан сўнг яна лой бўлиб қолади. Буни битта йўли кўчани текислаб асфальтлаш керак. Маҳалла мутасаддилари кўчани дастурга тушгани, асфальт қилиниши ҳақида айтишганди. Негадир ҳеч бир амалий ҳаракат қилинмади.
Кўчаларни айланиб маҳалла идорасига ўтдик. “Қарлиқ” МФЙ раиси Раҳмиддин Муҳаммадов. муаммога изоҳ бераркан, айнан шу кўчаларни 2022 йилги дастурга киритиш тўғрисида туман ҳокимлигига мурожаат қилинганини маълум қилди.
— Ҳақиқатдан ҳам юқоридаги иккита кўча таъмирга муҳтож, -дейди Раҳмиддин Муҳаммадов. Жорий йилда бир қисмига тош-шағал ётқизиш ишлари бошланган эди. Аммо маблағ масаласи туфайли иш якунига етмай қолди. Айни пайтда туман ҳокимлигига маҳаллада 5,5 километр йўлга тош-шағал, 5 километр йўлга асфальт ётқизиш ишларини 2022 йилги давлат дастурига киритиш тўғрисида хат берганмиз. Насиб бўлса, 2022 йилда “Бодомзор” ҳамда “Буюк ипак йўли” кўчалари тўлиқ асфальтланади.
Шавкат АМИНОВ






