Кардиология масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинишича, келгуси йил 1 июлга қадар туман, вилоят ва республика даражасида даволанадиган касалликлар рўйхати тузилиб, шу асосда режали даволаш ишлари йўлга қўйилади, дея хабар бермоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
Туман шифохоналарига ЭКГ, ЭхоКГ, холтер-монитор ва дефибриллятор каби 4 турдаги кардиология ускуналари ўрнатилиб, бу йўналишда кўрсатиладиган хизматлар 5 тадан 15 тага оширилади. Бунинг учун қўшимча 60 миллиард сўм йўналтирилади ва келгуси йил 1 июлга қадар мутахассиси мавжуд туманлар 4 турдаги замонавий кардиология ускуналари билан жиҳозланади.
“Шу орқали ҳар бир бемор кардиология хизматларидан 3 миллион сўм иқтисод қилади”, деди Шавкат Мирзиёев. Вилоятларда:
- Кардиология марказининг вилоят филиалларида кўрсатиладиган хизматлар 15 тадан 35 тагача етказилади;
- Кардиология марказининг Хоразм вилояти филиалига Оролбўйи минтақавий марказ мақоми берилиб, уни жиҳозлашга 20 миллиард сўм ажратилгани ҳисобига, республика даражасида амалга ошириладиган барча амалиётлар вилоятнинг ўзида йўлга қўйилади;
- келгуси йил якунига қадар Нурафшон шаҳрида барпо этилаётган Тиббиёт кластерида Кардиология марказини ташкил этилади;
- беморларнинг республика марказларида даволаниши учун берилган барча имтиёзлар (ордер бериш тартиби), уларнинг филиалларига ҳам тўлиқ татбиқ этилади.
Мисол учун, юрак томирларини стентлаш амалиёти ордер асосида республика марказларида бепул бажарилса, вилоят филиалларида ушбу хизматлар бемор томонидан 100 фоиз қопланади.






