Сурхондарёда ўзини "ДХХ ходими" сифатида таништириб фуқароларнинг 32 миллион пулларини ўзлаштирмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати "Даракчи"га маълум қилди.
Таъкидланишича, Термиз шаҳрида яшовчи, 1970 й.т. “Ш.Р.” ўзини гўёки ДХХ ходими дея таништириб, алдов йўли билан уни давлат хавфсизлиги тизимига ишга киришида ёрдам беришини айтиб, эвазига 10 млн. сўм талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан сўралган пулдан 2,4 млн сўмни олган вақтида ушланди.
Аниқланишича, мазкур шахс муқаддам 3 нафар фуқарони ҳам ДХХ идораларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, улардан жами 22 млн. сўм миқдорида пул маблағлари олган.
Хоразмда ҳам шунга ўхшаш жиноятни содир этган шахс ушланди. Бироқ бироз бошқача вазиятда. У қамоқ жазосини бошқасига ўзгартириб беришни ваъда қилгани аниқланган.
Қайд этилишича, мазкур шахс 11 минг доллар эвазига, ички ишлар органлари томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида маҳаллий фуқарога нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танишлари орқали бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартириб беришни ваъда қилган.
"Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда",–дейилади хабарда.






