Газли Ўзбекистоннинг энг йирик газ конларидан бири саналади. У 65 йиллик тарихи давомида кўтаринки даврларни ҳам, таҳликали кунларни ҳам бошдан кечирган. 1976 йилда қатор зилзилалардан сўнг бутунлай яксон бўлиб, Қақнус қушидек кулдан қайта тикланган Газлининг бугун 65 йиллик юбилейи нишонланди.
1956 йил асос солинган «Газли» ўша пайтда СССРдаги энг йирик газ конига айланган. Заҳираси бўйича у дунё бўйича биринчи ўринда турган. «Газли» конининг очилиши янги газ ва нефт қазиб чиқариш базасини яратиш ва мамлакатнинг ёқилғи-энергетика мувозанати тузилмасини яхшилаш имконини берган.
«Газли» кони юбилейи муносабати билан ташкил этилган тадбирда «Gazli Gas Storage» компанияси ходимлари, коннинг фахрий ходимлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, «Ўзлитинефтегаз» АЖ ҳамда бошқа идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди. «Gazli Gas Storage» вакиллари узоқ йиллар «Газли» конида меҳнат қилган фахрийларни қутлаб, уларга эсдалик совғаларини топширди. Тантанали тадбир очилишида «Ўзлитинефтегаз» АЖ раиси Улуғбек Назаров сўзга чиқди. У йиғилганларга коннинг 1956 йилда бошланган бой тарихи ҳақида эслатиб ўтди. Тадбир давомида Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳокими Хуршид Тохиров ҳам сўзга чиқиб, ташкилот ходимларини байрам билан табриклади.

Тадбир давомида коннинг фахрий ходимлари Олимжон Закиров, Ғани Икрамов, Неъматжон Обидов, Кенжибай Эрдашев ва бошқалар ҳам ўз фикрларини билдиришди. Улар шунингдек, меҳнат йилларидаги хотиралари билан ўртоқлашишди, Тадбир сўнгида меҳмонлар байрамона кайфият учун «Gazli Gas Storage» раҳбариятига миннатдорлик изҳор этди.






