Ижтимоий тармоқларда “Паркент прокуроридан халқ нега норози” сарлавҳали видеоматериал тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент вилоят прокуратурасининг расмий баёнот берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ 5048-сонли қарорига асосан, 2021 йил дастурига мувофиқ, Паркент туманида 2 та – "Сурхи" ҳамда "Бўстон" МФЙ киритилган.
Блогер Шокир Мусаев каналида эълон қилинган материалда гап "Сурхи" МФЙдаги ҳолат ҳақида боради. Унга кўра, "Обод қишлоқ" дастури доирасида амалга оширилган ишлар ҳажми аҳолининг эътирозига сабабчи бўлган.
Ўрганишлар кўрсатдики, ҳудудда дастур доирасида белгиланган режа бўйича иш олиб борилган. Қурилиш-таъмирлаш якунига етказилмоқда. Ичимлик сувининг сифати бўйича эътирозлар юзасидан алоҳида тартибда ўрганиш олиб борилади ва мутахассислар хулосасига асосан вазиятга баҳо берилади. Инобатга олиш лозимки, бугунги кун ҳолатига 14.9 км ичимлик суви қувурлари ётқизилиб, бу йўналишдаги ишлар жадал олиб борилмоқда.
Шу ўринда, журналист ва блогерлардан материал тайёрлаш жараёнида материалнинг холис ва ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида, Тошкент вилоят прокуратураси ҳамкорликка ҳар доим тайёрлигини ҳамда манфаатдорлигини билдириб ўтмоқчимиз. Агарда, муаллиф журналист этикасидан келиб чиқиб, дастур доирасида амалга оширилган ишлар ва халқ эътироз билдираётган муаммо ҳақида туман ёки вилоят прокуратурасига мурожаат қилганида, ҳолатга ойдинлик киритилар, олиб борилаётган қўрилиш, таъмирлаш ишлари жойига чиқилган ҳолда кўрсатилар ва тайёрланаётган лавҳа жамоатчиликка холисона, журналист позицияси томондан мукаммал ва турли фикр туғилишидан ҳоли видеоматериал бўлиб етказилган бўларди.
Чунки, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги, 15-моддасига кўра журналист ўзи тайёрлаётган ва тарқатаётган хабарлар ҳамда материалларнинг ҳаққоний бўлиши учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Видеоматериалда келтирилган ҳолатлар, аҳолининг фикрлари инобатга олинади ва айнан шу ҳудудларда мазкур дастур доирасидаги ишлар қамрови янада кенгайтирилади. Ушбу вазият шахсан Тошкент вилояти прокурорининг назоратига олинди ва дастур ижроси учун белгиланган вақт якунида қўшимча якуний ахборот берилади.






