АсосийСПОРТ

Тошкентда самбо бўйича Жаҳон чемпионати бошланди

Бугун, 12 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида самбо бўйича катталар ўр...

'Тошкентда самбо бўйича Жаҳон чемпионати бошланди'ning rasmi

Бугун, 12 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида самбо бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионатига старт берилди. 46-маротаба ташкил этилаётган мазкур Жаҳон чемпионатида дунёнинг 50дан ортиқ давлатидан 400 нафарга яқин самбочи медаллар учун баҳс олиб боришади.

Уч кун давом этадиган мусобақада эркаклар, аёллар ҳамда жанговар самбо йўналишларининг ҳар бирида 7тадан вазн тоифасида жами 21та медаллар жамланмаси ўйналади.

Бироз аввал “Юнусобод” спорт мажмуасида ушбу Жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Россия Федерацияси Миллий олимпия қўмитаси президенти Станислав Поздяков иштирок этишди.

Даставвал В.Шестаков сўзга чиқиб, юқори савиядаги ташкилотчилик ва меҳмондўстлик учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.

Шундан сўнг сўз Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовга берилди.

“Бугунги кунда Ўзбекистон самбочилари нафақат Осиё, балки жаҳонда ҳам етакчи ўринларда эътироф этилмоқда. Жумладан, шу йил октябр ойида Греция давлатида бўлиб ўтган ёшлар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида спортчиларимиз 6 та олтин, 3 та кумуш ва 8 та бронза медалларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида эса 2-ўринни эгаллашди.

Ўз навбатида юртимизда самбо спортига берилаётган эътиборни юксак даражада баҳолаб, катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати мезбонлигини Ўзбекистонга ишониб топширганлиги учун Халқаро самбо федерациясига миннатдорлик билдирамиз”.

Республикамиз мадҳияси садолари остида Жаҳон чемпионати очиб берилди. Мадҳиядан сўнг тадбирнинг бадиий қисми бўлиб ўтди. Таниқли санъаткорларнинг бадиий чиқишлари эса мухлисларга хуш кайфият улашди. Сўнгра финал беллашувлари бошланди.

Бугун иштирокчилар ҳар уччала йўналишда 7та вазн тоифасида беллашди. Ҳамюртларимиз орасидан фақат аёллар ўртасида -50 кг вазн тоифасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Сабина Давлатова финалга етиб борди. У ҳал қилувчи баҳсда беларуслик спортчига сўнгги дақиқада ютқазиб қўйди ва кумуш медалга сазовор бўлди.

Бугунги беллашувларда -59 кг вазн тоифасида Ибодатхон Агожонова ҳамда жанговар самбо бўйича +98 кг вазнда Ҳакимжон Исмоиловлар бронза медали билан тақдирланишди.

    Бошқа янгиликлар