АсосийJamiyat

Энди қонунга хилоф равишда олинган даромадларни легаллаштиришга рухсат этилмайди

'Энди қонунга хилоф равишда олинган даромадларни легаллаштиришга рухсат этилмайди'ning rasmi

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, ва Савдо-саноат палатасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартномалар тузишда қўллаш учун тавсиявий характерга эга бўлган коррупцияга қарши қўшимча шартларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Мазкур қўшимча шартлардан жисмоний ва юридик шахслар ўзаро шарнома тузаётганида фойдаланиши мумкин ва улардан фойдаланиш мажбурий ҳисобланмайди.

 Коррупцияга қарши қўшимча шартлар бир нечта халқаро ташкилотларнинг, жумладан Халқаро савдо палатасининг намунавий қоидалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, шартномамий муносабатларда коррупциявий омилларни минималлаштириш учун шартнома тарафларига қўлланма сифатида хизмат қилади, дея хабар бермоқда агентлик.

Таъкидланишича, ҳар бир тараф шартнома тузилган пайтда бевосита ўзи ёки унинг ижроия органлари, мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан шартнома билан боғлиқ муносабатлар юзасидан қуйидагиларни кафолатлайди: 

  • қонунга хилоф равишда пул, моддий қийматликлар берилмаганлигини;
  •  шартнома тузилиши эвазига норасмий пул ёки бошқа моддий қийматликлар олинишига йўл кўйилмаганлигини, 
  • таклиф этилмаганлигини, 
  • уларни беришга ваъда қилинмаганлигини;
  • моддий ёки ҳар қандай турдаги имтиёз олинмаганлигини. 

Тарафлар улар томонидан шартнома доирасида жалб қилинган шахсларнинг (ёрдамчи пудратчи ташкилотлар, агентлар ва тарафлар назорати остидаги бошқа шахсларнинг) юқоридаги ҳаракатларни содир этмаслиги юзасидан оқилона чоралар кўради.

 Ҳужжатда белгиланишича, тарафлар давлат хизматчилари, сиёсий партиялар, шунингдек ўзининг ижроия органлари, мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан ҳар қандай вақт ва шаклда қуйидаги ҳаракатларни бевосита ёки билвосита (шу жумладан, учинчи шахслар орқали) содир этилишига йўл қўймайди: 

  • назорат қилувчи органлардан лицензия ва рухсатномалар олиш, 
  • солиқ солиш, божхона расмийлаштирувини амалга ошириш,
  •  судда иш кўрилиши, қонунчилик жараёни ва бошқа соҳаларда қонунга хилоф равишда тижорат ёки бошқа турдаги устунликка эга бўлиш ёки сақлаб қолиш мақсадида юқоридаги шахслар фойдасига ёки улар томонидан моддий ёки номоддий наф олишнинг таклиф этилиши, ваъда қилиниши, берилишига; 
  • қонунга хилоф равишда олинган даромадларнинг легаллаштирилишига,  шунингдек, агар мулк жиноий фаолиятдан олинган даромад эканлиги тарафларга маълум бўлса, уни ўтказиш, мулкка айлантириш ёхуд алмаштириш йўли билан унинг келиб чиқишига қонуний тус бериш, бундай пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг асл хусусиятини, манбаини, турган жойини, тасарруф этиш, кўчириш усули, пул маблағларига ёки бошқа мол-мулкка бўлган ҳақиқий эгалик ҳуқуқларини ёки унинг кимга қарашлилигини яширишга;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир қилиш учун таъмагирлик қилиш, ундаш, тазйиқ ўтказиш ёки таҳдид қилиш. 

Ушбу ҳолат бўйича бир тараф иккинчи тарафни ҳамда ваколатли давлат органларини дарҳол хабардор қилиши шарт. 

"Қарорда тарафлар ўз назорати остида бўлган ва улар номидан ҳаракат қиладиган шахсларга коррупциявий ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳамда уларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш шартлиги ҳақида кўрсатма ва тушунтиришлар бериши мажбурий этиб белгиланди",-дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар