АсосийJamiyat

1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади

'1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади'ning rasmi

 Куни кеча ҳукумат томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 2022 йил учун киритилган Давлат Бюджети лойиҳасида шулар ҳам назарда тутилмоқда. 

Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, ушбу ҳужжатларга кўра, мулк ҳуқуқини тўлақонли тасарруф этишга қулай шароитларни яратиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади. 

Шунингдек, Молия вазирлигидаги манбаларга кўра, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга киритилиши кутилаётган ўзгартиришга асосан автомобил олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божи, транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан қатъий назар, БҲМнинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланади (солиштириш учун амалдаги тўлов миқдори БҲМнинг 2 баробари (540 минг) дан 10 баробаригача (2млн. 700 минг). 

Демак, “2022 йил учун Давлат Бюджети тўғрисида”ги қонунни қабул қилиниши ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартириш киритиш ортидан иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатлари кескин камаяди. 

"Мисол учун, амалдаги тартибга асосан, от кучи 105 бўлган ва ишлаб чиқарилган санаси 3 йилдан кўп бўлмаган Нексия автомобилини олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ҳозир ўртача 5млн. 535 минг сўм харажат талаб қилинаётган бўлса, қонунчиликка юқоридаги ўзгартиришлар киритилгандан сўнг (2022 йил 1 январдан) бу харажатлар тахминан 4 млн сўмга камайиб, 1 млн. 600 минг атрофида бўлади",-дея тушунтириш беради депутат. 

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бир йилда 300 мингдан ортиқ автомобил олди-сотди шартномалари амалга оширилишини инобатга олсак, кўзда тутилаётган бу ижобий ўзгаришлар натижасида фуқаролар ихтиёрида қўшимча 1,2 трлн. сўмдан ортиқ маблағ қолдирилади.

    Бошқа янгиликлар