Давлатимиз раҳбари Одри Азулега унинг ЮНЕСКО Бош директори лавозимига қайта сайлангани муносабати билан самимий табриклари ва энг эзгу тилакларини билдирди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
"Номзодингиз кенг қўллаб-қувватлангани тинчликни таъминлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларингиз ва Ташкилотингиз қўшаётган катта ҳиссанинг навбатдаги тасдиғи бўлди.
Сизнинг ушбу лавозимдаги муваффақиятли ва натижадор фаолиятингиз, Сиз томондан илгари сурилаётган муҳим ташаббуслар ва гуманитар лойиҳалар пандемия даврида ЮНЕСКОнинг мувофиқлаштирувчи сифатидаги ўрни мустаҳкамланиши ва халқаро нуфузи юксалишига хизмат қилди", дейилади, жумладан, мактубда.
Мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги яқин ва кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришга ЮНЕСКО Бош директори томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини юксак қадрлашини таъкидлади.
"Очиқ ва сермаҳсул учрашувларимиз шериклигимизнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва кенг қамровли мамлакат дастурини амалга оширишга киришишга имкон бергани ҳақидаги фикрингизга тўлиқ қўшиламан.
Сизнинг кўмагингиз билан "Хива жараёни" - Ташкилот фаолиятининг бутун кун тартиби бўйича Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликнинг янги платформаси ишга туширилди. Ушбу ташаббус минтақамизда ЮНЕСКО билан амалий ҳамкорликнинг кенгайиши ва муҳим вазифаларнинг илгари сурилишига хизмат қилиши шубҳасиз", дейилади мактубда.
Мактуб якунида давлатимиз раҳбари унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига қайта сайлангани муносабати билан йўлланган табрик ва илиқ тилаклар учун Одри Азулега миннатдорлик билдириб, унга мустаҳкам соғлик ва олижаноб фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.