АсосийJamiyat

Ўзбекистон байроғи халқаро спорт майдонларида 430 маротаба баланд кўтарилган. Бугун давлат байроғи ташкил топган кун

'Ўзбекистон байроғи халқаро спорт майдонларида 430 маротаба баланд кўтарилган. Бугун давлат байроғи ташкил топган кун'ning rasmi

Бугун 18 ноябрь — Ўзбекистон республикаси давлат байроғи ташкил топган кун.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари Ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.

Байроқ ва унинг рамзи Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Шунингдек байроқ кишида ўзига хос фахр туйғуларини уйғотади. Қайд этиш лозим, айни кунгача кўплаб ўзбек спортчилари ушбу фахрни тўлақонли ҳис қилишган. Спортчилар юзлаб халқаро мусобақалар, ўнлаб жаҳон ва қитъа чемпионатларида иштирок этиб, Ўзбекистон байроғини дунё спорт майдонларида юксалтирган.

Маълумотга кўра, 2021 йилнинг айни пайтига қадар Ўзбекистон байроғи халқаро спорт майдонларида қарийб 430 маротаба баланд кўтарилган.  Туризм ва спорт вазирлиги мутахассиси бу борадаги қувончли рақамларни келтириб ўтди.

"Бу йил ҳам юртимиз спортчилари том маънода матонат кўрсатди. Ўзбекистон спортчилари ўтган 9 ойда 16 қитъа, 28 жаҳон миқёсидаги чемпионат ва кубок баҳслари ҳамда 41 нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Мусобақаларда спортчиларимиз 102 олтин, 128 кумуш ҳамда 199 бронза медалига сазовор бўлганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли" - дейди Туризм ва спорт вазирлиги мутахассиси Нуриддин Маҳмудов.

Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ҳам ўзбек спортчиларининг бундан 25 йил муқаддам илк бор Ўзбекистон байроғи остида мустақил жамоа сифатида олимпия ўйинларида иштирок этганини эслаб шундай деди:

"1996 йил АҚШнинг Атланта шаҳрида ўтган XXVI ёзги Олимпиада ўйинларида мамлакатимиз спортчилари мустақил Ўзбекистон байроғи остида илк бор қатнашганди.

Эсимда, "Юз йиллик ўйинлар" номидаги Атланта олимпиадасида айрим чет эллик спортчилар, мураббийлар мамлакатимизни унчалик билмасди. Ўзбекистон, деса қаерда бу мамлакат, деб сўрашарди. Жаҳлимиз чиқарди, тушунтирардик. Байроғимизни кўрсатиб, "Биз ЎЗБEКИСТОН давлатиданмиз" дердик.

Айнан ўша олимпиадада ўзбек спортчилари - Армен Багдасаров (дзюдо) кумуш ва Карим Тўлаганов (бокс) бронза медалини қўлга киритди. Уларнинг ғалабалари шарафига Ўзбекистон байроғи кўтарилгандаги қувончимизни сўз билан ифодалай олмайман. Ундан сўнг қанча сувлар оқиб кетди. Шукрки, бугун дунё Ватанимизни билади, тан олади",-дейди  Баҳодир Махситов сўзига якун ясаб.

    Бошқа янгиликлар