Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир. 18 ноябрь – «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган кун. Давлат байроғи Ўзбекистон давлат суверенитетининг рамзидир.
Шу муносабат билан бугун Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳокимияти олдида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳокимияти масъуллари, Ўзбекистон Миллий Гвардияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг ҳарбий хизматчилари, курсантлар, туман маҳалла фаоллари ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ўрни бор эканлиги, шу маънода, миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар биримиз учун ифтихор тимсоли ҳисобланишини шунингдек, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келгани, аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлари, у куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлганини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир давомида жанговар байроқ остида сафланган бир қатор ҳарбий хизматчиларнинг қаддини ростлаб тургани байрамга ўзгача шукуҳ бағишлаган бўлса, Академиянинг «Маънавият ва маърифат» маркази бошлиғи подполковник Савриддин Нажмиев раҳбарлигидаги оркестр ижросидаги жонажон Ватанимиз ва байроғимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, уларни тинглаб ҳавас билан боқиб турган ёшлар қалбида эса илиқ таассуротлар қолдирди.
— Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир дейди —подполковник Бахшилло Жаҳонқулов — Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз жоиздир. Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтармоғимиз лозим.
ФАРҲОДЖОН ХОЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
ФВВ Академияси катта
ўқитувчиси, капитан.