БААнинг Дубай шаҳрида Осиё Олимпия кенгаши (ООК)нинг 40-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди. Унда ушбу нуфузли ташкилотнинг вице-президенти, ҳамюртимиз Отабек Умаров, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби, “Тошкент-2025” дирекцияси директори Ойбек Касимов ҳамда МОҚ раисининг ўринбосари Азизжон Камилов иштирок этишди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.
Бош ассамблеядаги чиқишида О.Умаров мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган Янги Ўзбекистон лойиҳаси, унда жисмоний тарбия ва спорт, соғлом турмуш тарзи тарғиботига берилаётган эътибор ҳақида гапириб ўтди.
Кун тартибига мувофиқ, ҳар бир маърузачи яқин орада қитъамизда ўтказиладиган йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик бўйича ўз тақдимотларини намойиш этишди. Улар орасида Ўзбекистон делегациясининг “Тошкент-2025” ИВ ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича тайёрлаган тақдимоти ва видеоролик кўпчиликнинг диққат-марказида бўлди. Боиси, Тошкент мезбонлигида ўтадиган ушбу спорт байрами дастурига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ спорт турлари киритилиши режалаштирилган.
Бу борада Ойбек Касимов ўз тақдимотида Бош ассамблея иштирокчиларга батафсил маълумот бериб ўтди. Жумладан, тақдимотдан аввал Ўзбекистон ҳақида умумий маълумотлар, унинг спортдаги қудратини ўзида мужассам қилган махсус видеоролик ҳам намойиш этилди. Шуни таъкидлаш керак, тарихда илк маротаба ёшлар Осиё ўйинларидан кейин Тошкентда ИВ ёшлар ПараОсиё ўйинлари ҳам ўтказилади. Ҳали ёшлар Осиё ўйинлари тарихида бу икки нуфузли мусобақа кетма-кетликда бир мамлакатда ўтказилмаган эди. Бу борада Тошкент қитъамизда биринчи бўлмоқда.
Шунингдек, Бош ассамблеяда Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари, Таиланднинг Бангкок ва Чонбури шаҳарларида ўтадиган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари ва бошқа комплекс мусобақаларнинг ташкилий қўмиталари ҳам йиғилганларни ўз тақдимотлари билан таништиришди.
Тадбир давомида ООК мутасаддилари қитъамизда Олимпизм ғояларини янада кенг тарғиб қилиш бўйича режалар баробарида ташкилотнинг спортчилар, молия, тиббиёт, этика каби йўналишларида йил якунларига бағишланган ҳисобот тақдим этишди.






