21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Б.Султанов бошчилигидаги делегация билан кенгайтирилган учрашуви бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашув Ўзбекистон-Қозоғистон иқтисодий ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишга бағишланди. Мулоқотда инвестициявий муносабатлар, савдо, саноат кооперацияси ҳамда транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликка оид кенг кўламли масалаларга тўхталди.
Саноат кооперацияси йўналишида қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш бўйича ишларни жадаллаштиришнинг долзарблиги қайд этилди. Томонлар агросаноат мажмуаси, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, металлургия ва фармацевтика тармоқларида бугунги кунда кўриб чиқилаётган қатор лойиҳаларни муҳокама қилиб, янги лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида турли соҳаларда мавжуд бўлган салоҳият ва ишга солинмаган имкониятларни ўрганишга келишдилар.
Шунингдек, учрашув чоғида транспорт соҳасида қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ қатор масалалар ҳамда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва икки мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида биргаликда фаолият юритиш учун навбатдаги тадбирлар белгиланди.






