Кеча, 22 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “HYATT REGENCY” меҳмонхонасида “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” шиори остида 16 кунлик кампаниянинг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Сенат Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Нарбаева, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева, сенатор ва депутатлар, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ю.Ю, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, бир қатор халқаро ташкилотлар мутасаддилари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳудудлардан тегишли соҳа вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, Ёшлар парламенти аъзолари қатнашди, дея хабар бермоқда Олий Мажлис Сенати.
Қайд этилишича, оилавий зўравонликни олдини олиш ва бундан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш бўйича Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида ваколатли давлат идоралари раҳбарлари даражасидаги Ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган. Таъкидланишича, бугунги кунда Парламент томонидан ваколатли давлат идоралари билан ҳамкорликда миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
"Тадбирда сўзга чиққан Сенат Раиси Т.Нарбаева 25 ноябрдан бошлаб мамлакатимизда “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” шиори остида “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампанияси бошланишини эълон қилди",-дея маълум қилади Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати.






