Уй-жойлар қуриладиган массивлар рўйхати апрель ойида тасдиқланган бўлса-да, ер участкалари ўз вақтида аукционга чиқарилмагани боис, Тошкент вилоятида – 2,7 минг, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Хоразмда – 1,5 минг хонадонли уй-жойлар қурилиши бошланмаган. Оқибатда давлатдан мақсадли кредитлар учун ажратилган 4,5 триллион сўм маблағ (50 фоиз) ўзлаштирилмаган. (Тошкент шаҳрида – 793 миллиард сўм (64 фоиз), Қашқадарёда – 204 миллиард сўм (66 фоиз), Тошкент вилоятида – 120 миллиард сўм (82 фоиз), Қорақалпоғистонда – 119 миллиард сўм (60 фоиз). Бу маълумотлар Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида келтирилди, дея хабар бермоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
Шунингдек, вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари уй-жой қурилиши учун пудратчи танлашда 2-3 та ташкилот билан чекланмоқда. Мисол учун, Навоийда деярли барча қурилишлар 3 та корхона томонидан амалга оширилмоқда (“Минор Миллениум”, “Шарқ жилов меъморлари”, “Шарқ қурилиш”).
“Бунинг салбий оқибатларини Жиззах мисолида ҳамма кўрди”, дея қўшимча қилди президент.
Шу боис келгуси йилдан давлат ҳисобидан бўладиган қурилишларда коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим яратилади. Бунинг учун бош прокурор ўринбосари бошчилигида республика штаби ва вилоят штаблари тузилади. Улар қурилиш нархларини асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, тасдиқланган лойиҳаларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш, таниш-билишчиликка йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатади.
Умуман, келгуси йилда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилади. Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1,3 триллион сўм субсидия ажратилади.
“Бу дастлабки ҳисоб-китоблар. Агар талаб бўлса, яна қўшимча ресурс ажратилади. Бунинг учун, аҳоли ва қурувчи тадбиркорларга ипотека тизими ва қурилиш соҳасида бўладиган енгиллик, қулайлик ва имкониятлар берилади”, деди давлат раҳбари.
Йиғилиш давом этмоқда.






