Бугунги кунгача ипотека кредитлари ва субсидия олишда майдони – 70 квадрат метргача, нархи – 400 миллион сўмгача чекловлар бор эди. Бундан буён ипотека кредитлари шартларидан ушбу чекловлар чиқариб ташланади. Янги жорий этилаётган шу ва шу каби енгилликлар ҳақида президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Энди:
сотиб олинадиган хонадоннинг майдони ва нархидан қатъий назар, эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм субсидия тўланади;
эҳтиёжманд аҳоли томонидан кредитни қайтаришда фоизнинг давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хилда 10 фоиз этиб белгиланади (ҳозирда вилоятларда 10 фоиз, Тошкент шаҳрида 12 фоиздан юқори қисми қоплаб берилмоқда);
субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам берилади. Яъни, уй-жой ҳовлисини кенгайтириш, эски уйини бузиб, 2 қаватли қилиш орқали замонавий қиёфага келтириш истагида бўлган фуқароларимизга кредитнинг 10 фоиздан юқори қисмига субсидия берилади;
аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида, янги қурилган уйлар тўғрисидаги маълумотлар, уларни расмийлаштириш, субсидия ва кредит ажратиш хизматларини битта жойда кўрсатиш марказлари ташкил этилади.
“Одамларимиз қайси ҳудудда ёки қайси қурувчида мақсадли ипотека шартларига тўғри келадиган хонадон бор деб, ўйланиб юрмаслиги керак. Ва яна ипотека кредитини олишда, қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафил бўлишига рухсат берсак, бу ҳам адолатдан бўлади”, деди президент.
Шунингдек, келгуси йилдан ижтимоий аҳволи оғир хотин-қизлар, чин етимлар ва ногиронлиги бўлганларга иккиламчи бозордан ҳам уй-жой олишларига имконият яратилади.
Йиғилиш давом этмоқда.
Сардорбек Раҳмонқулов






