Кеча, 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Хонг Нам Ки билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг маълум қилишича, суҳбатдан Ўзбекистон Президентининг Кореяга кутилаётган ташрифи алоҳида ўрин олган.
Томонлар ,шунингдек, инвестициявий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасида ишлаб чиқилаётган келишувларни муҳокама қилишган.
"Кореяда бўлиши кутилаётган тадбирларни амалий мазмун билан бойитиш ва аниқ келишувларга эришиш учун учта қўшма ишчи гуруҳ тузилганлиги маълум қилинди. Уларнинг вазифаси устувор соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик бўйича мавжуд масалаларни тезкорлик билан ҳал қилишдан иборат бўлади",-дея алоҳида қайд этилади вазирлик хабарида.
Музокаралар якунида бўлажак ташрифнинг бир қатор ташкилий ва мазмундорлиги масалалари юзасидан келишиб олинган.