Ижтимоий тармоқларда 2021 йил 25 декабрь куни пойтахтимиздаги "Humo Arena" муз саройида хорижий тик-токерлар иштирокида концерт бўлиб ўтиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди ва жамоатчиликнинг кескин норозилигига учради.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ- 6044-сон Фармони 2-иловаси 32-бандига мувофиқ, концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш ваколатли бўлган — Ички ишлар вазирлиги, Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, вазирлик юқоридаги каби шоу-концерт томошаларини ташкил этиш Маданият вазирлиги томонидан эмас, хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширилишини таъкидлаган.
Вазирлик "Тik Tok Fest" шоу-концертини маънавий жиҳатдан ёшлар онгига, дунёқарашига салбий таъсир этади, деб ҳисоблайди. Зеро, бир неча минг йиллардан буён шаклланиб, қон-қонимизга сингиб кетган инсоний фазилатлар, одоб-ахлоқ меъёрлари таъсирида пайдо бўлган тарбиямиз ҳам буни рад этади, - дейилади муносабатда.
Ёшлар ишлари агентлиги матбуот котиби Нодир Абдуқодиров "Ҳумо аренада режалаштирилган хорижий тик-токерлар иштирокидаги концерт ўтказилмайди", дея пост қолдирди.
Агентлик томонидан мазкур вазият бўйича ўрганишлар олиб борилган ва концерт бекор қилинганлинини маълум қилган.
"Ҳумо арена" масъулларининг маълумот беришича, айнан шу куни саройда бошқа тадбир ўтказилади", дейди Нодир Абдуқодиров.