Кеча Дубай (БАА) шаҳрида бўлиб ўтаётган “ЭКСПО-2020” Бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистон куни доирасида миллий павильонда 1000 килограммлик байрам палови тайёрланиб, уни икки мингдан ортиқ киши татиб кўрди.
Гастрономик тадбир муаллифи миллий таомлар бўйича таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий бўлиб, унга мамлакатимизнинг энг сара ошпазлари ёрдам берди.
Таом тайёрлаш жараёни Ўзбекистон миллий павильонига кираверишда ўрнатилган улкан экранда онлайн шаклда трансляция қилинди.
Юртимиз тарихи ва маданиятига бағишланган тантанага келганларнинг кўпчилигини паловнинг хушбўй ҳиди, карнай ва сурнайларнинг баланд овоздаги чақируви ўзига тортди.
Афсонавий ўзбек паловидан татиб кўриш учун одамларнинг узундан-узоқ навбатга тургани ошпазларимизнинг маҳоратига, миллий таомларимиз тантанасига берилган юксак баҳо бўлди.






