Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Туркия Фанлар Академияси Президенти Музаффер Шекер билан учрашди. Маълум бўлишича, учрашувда мамлакатлар ўртасида илм-фан ва инновациялар соҳасида, хусусан физика-математика, биология ва кимё соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлигининг маълум қилишича, томонлар қуйидаги масалалар бўйича келишувга эришишган.
- Икки томондан "3+3" (уч киши турк томонидан, уч киши ўзбек томонидан) форматда молиялаштирадиган Туркиядаги илмий ва таълим муассасаларида докторантура дастурини йўлга қўйиш. Келгуси йилдан докторантлар сонини "5+5" форматига ва босқичма-босқич янада кенгайтириш;
- Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида Туркия Фанлар академияси ва Ўзбекистон Фанлар академияси ўртасидаги илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- Ўзбекистондаги илмий кенгашларга Туркия олимларини жалб қилиш ва Давлат илмий-техник дастури доирасидаги лойиҳаларга турк олимларининг хулосасини олиш амалиётини йўлга қўйиш;
- 2022 йилдан бошлаб 20 нафар олимларнинг Туркиядаги қисқа муддатли (3 ойлик) илмий малака ошириш курсларини ташкил этиш.
"Суҳбат сўнгида алоқаларнинг асосий йўналишлари белгиланган ҳамкорлик келишуви имзоланди",-дея маълум қилинади хабарда.






