Арманистон босқинидан озод қилинган Озарбайжон ҳудудларида тарих ва маданият ёдгорликларининг қарийб 95 фоизи вайрон қилинган. Бу ҳақда Озарбайжон маданият вазири Анар Керимов журналистларга маълум қилди.

"Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён озод қилинган ҳудудларда 400 дан ортиқ тарихий маданият ёдгорликлари топилди. 140-150 га яқин топилган ёдгорликлар реестрга киритилмаган. Шу билан бирга озод қилинган ҳудудларда 800 дан ортиқ маданият муассасалари, театр ва кутубхоналар, мусиқа мактаблари ва ҳоказолар бор”, деган Анар Керимов.
Вазирнинг айтишича, бу мониторинглар ҳали ҳам давом этмоқда. Ҳали мина хавфи ва ланшафт мураккаблиги сабабли ўрганилмаган жойлар бор.
“Мониторинг якунлангач, рўйхат тайёрлаб, халқаро ташкилотларга Арманистон томонини жавобгарликка тортиш талаби билан мурожаат қиламиз. Вайрон қилинган ёдгорликлар бу уруш жинояти ва инсониятга қарши жиноят эканлигидан далолат беради”, деган у.
Озарбайжон Республикасининг қўлга киритилган Қорабоғ ҳудудларига қилган пресс-туримиз давомида биз ҳам 100 лаб километр радиусда бирорта бутун иморат ёки бино қолмаганининг гувоҳи бўлган эдик.











