Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида таклиф билдирилди.
Маълум қилинишича, партиянинг 2019 йилдаги сайловолди дастурида бола парвариши билан банд бўлган аёлларнинг фарзандига қараган даврини меҳнат стажи сифатида эътироф этишни қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйиш масаласи илгари сурилган эди. Ушбу таклифни амалга ошириш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Унга кўра, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш, ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, болани парваришлаш бўлиш вақтининг ҳаммасини жамланганда кўпи билан 6 йиллик даврни иш стажига қўшиб ҳисоблаш каби ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилмоқда.






