"Қўйлиқ" бозори бошқа жойга кўчирилиши ҳақидаги хабарлар бозор орқасидан тирикчилик ўтказиб юрганларнинг эътирозига сабаб бўлди.
Шундан сўнг "Қўйлиқ" деҳқон бозори директори ўринбосари Қодиржон Нормирзаев бозор бузилиши ёки кўчиши ҳақида хат ёки оғзаки топшириқ берилмаганини маълум қилди.
Бектемир тумани ҳокими Маҳамадзияев Тапил Равшанович эса бозорни босқичма-босқич кўчирмаса бўлмаслигини таъкидламоқда.
"Food City Бектемир тумани ҳудудида жойлашган, шу туманга қарайди — бу бир. Иккинчидан, у ерда шундоқ шароитлар яратилганки, бунақаси, керак бўлса, ўзимизнинг Ecobozor’да ҳам йўқ. Қўйлиқда асфальтга ўтириб сотгандан кўра ўша ерда олиб бориб сотган маъқул. Кадастри борларга, ҳамма зиёни давлат томонидан қоплаб берилади, юз фоиз.
"Нарх-наволар ўсиб кетмайдими?" деган саволга қуйидагича жавоб бераман: Food City’да катта, 6х4 метрли 4 та монитор бор, битта айлантириши 100 миллион сўм. У бозорга қўшимча даромад олиб келади. Биз "фойдангни шундан оласан, паттачидан эмас, сотувчига тегмайсан", деб 3 ой сотувчилардан патент пули олмаслик шарти билан келишдик.
Ҳоким сифатида эмас, бир фуқаро сифатида айтаман: охирги пайтлар бозорга тушсак, доим бир нарсага туртилиб, бир жойга йиқилиб, тан жароҳати олишимиз аниқ-да. Ўзим ҳам ўша жойдан бозор қиламан, мажбурман шунга. Лекин уни босқичма-босқич кўчирмасак бўлмайди" — деди ҳоким.






