АсосийJamiyat

Тошкентда кучли таъсир этувчи моддалар сотувининг авж олиши криминоген вазиятга жиддий таҳдид солмоқда

'Тошкентда кучли таъсир этувчи моддалар сотувининг авж олиши криминоген вазиятга жиддий таҳдид солмоқда'ning rasmi

Йигирма иккинчи ялпи мажлисда Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.

  • Мажлисда Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилиши билан бир қаторда, айрим муаммолар ҳамда йўл қўйилган қуйидаги камчиликлар мавжудлиги ҳам қайд этилди:

 

  • давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш бўйича 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даври давомида 30 нафар мулкдорга компенсация маблағи тўлаб берилмаган;

 

  •  “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятига қарашли корхоналар тасарруфидаги автобусларнинг 16,6 фоизи (196 таси) техник носозлиги боис ҳаракат мунтазамлиги таъминланмаяпти, йўловчиларнинг автобусларни кутиб туриш вақти айрим йўналишларда 25-40 дақиқани ташкил қилмоқда.

 

  • Тошкент шаҳрида оқова сувларни қабул қилиш бўйича мавжуд Салар, Бўзсув ва Бектемир иншоотларида сув тозалаш самарадорлиги лойиҳа бўйича 75 фоизни ташкил этади, бироқ бугунги кунда ушбу иншоотлар 35,5 – 51,3 % қувват билан ишламоқда.

 

  • Шаҳарда қурилиш объектларининг кескин кўпайиши натижасида ҳосил бўлаётган чангларни сув сепиб бостириш чоралари етарлича кўрилмаётганлиги атмосфера ҳавосига чангларнинг меъёрдан ортиқ чиқарилишига олиб келмоқда.

 

  • Жорий ўқув йилида Тошкент шаҳридаги 25 та умумтаълим мактаби 2,1 коэффициентдан юқори қувват билан фаолият юритмоқда, 2026 йилда мактаб ёшидаги болалар сони 496,1 мингга етиши кутилаётганлиги боис янги мактаблар қуришга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.

 

  • Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар даражаси 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга ортган.

 

Сўнгги йилларда ахборот технологияларининг жадал ривожланиши билан бирга, фирибгарлик жиноятининг янги турлари ҳам келиб чиқмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида ахборот технологиялари соҳасида жами 580 та жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 баробарга ошган.

Психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи моддалар, назорат остидаги дори-дармонларнинг аҳоли орасида ноқонуний муомаласи кескин авж олиб бораётганлиги криминоген вазиятга жиддий таҳдид солмоқда. Ички ишлар органлари томонидан 59 та дорихонада ўтказилган тадбирлар давомида жами 66 минг донадан ортиқ турли хилдаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний сотилиши ҳолатлари аниқланганлиги бунинг яққол тасдиғидир.

Мажлисда сенаторлар томонидан мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланиб, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари тингланди ва муҳокама этилди.

Муҳокама якунида Тошкент шаҳрида ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

    Бошқа янгиликлар