Беларус республикаси пойтахти Минск шаҳрида ташкил этилган таэквондо ITF бўйича 14-17 ёшлилар ҳамда фахрийлар ўртасида 55-жаҳон чемпионати ўз якунига етди ва Жаҳон кубоги баҳсларига старт берилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, мусобақада Ўзбекистон таэквондо ITF ассоциацияси раиси Лазиз Ҳасанов бошчилигидаги Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам муваффақиятли иштирок этди.
Жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз яккалик ва жамоавий баҳсларда ўз имкониятларини синовдан ўтказган ҳолда 2 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза медалларини қўлга киритди.
Жаҳон чемпионати якунланганидан сўнг, Минск шаҳрида ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида Жаҳон кубоги мусобақаларига старт берилди ва унда 64 нафар таэквондочиларимиз ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
Эътиборлиси, спортчиларимиз мусобақанинг илк кунидаёқ ўзларининг нималарга қодир эканликларини бутун дунёга кўз-кўз қилишни бошлади ҳамда шу куннинг ўзида 9 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза медалларини қўлга киритишди.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионати ва Жаҳон кубогида иштирок этган Ўзбекистон спортчилари делегацияси 20 декабр куни мамлакатимизга қайтиб келишади.






